0 11309

РАЙҲОННИНГ УЧ ОРЗУСИ!

Intervyu 0 11309

Ҳар йили минглаб ёшлар кутадиган бир шоу-концерт бор. Бу шоу бир неча йилларки, ўз рейтингини энг юқори даражада ушлаб келади. Муҳташам саҳна декорацияси, ажойиб либослар, бир неча шоу-балет, юзлаб чироқлар, кутилмаган саҳна кўринишлари, профессионал режиссёрлик иши... Ҳа, англадингиз! Бу сифатлар, сўссиз, Райҳоннинг концертларига тегишли! Февралнинг 5 куни ёдингизда қолади. Ахир, салкам 300 кундан бери тайёргарлик ила пишаётган янги дастур яна ҳайратлар улашишга ҳозирланмоқда! Бугунги эксклюзив суҳбат Райҳоннинг нафақат ижод олами, балки унинг қалб дунёсига ошно этади.

-Йил давомида ўнлаб концертлар ўтади. Бироқ, Райҳоннинг шоусини унинг мухлислари ҳаяжон билан кутади. Қизиқ, бу йил “Шоулар Қироличаси” янги концертида нималар билан томошабинларни ҳайратга солади?  

-Хабарингиз бор, хар куни репетиция. Жараён ўтган йилдан бошланди. Концерт – бу масъулият. Ҳар йили тажриба ортгани билан масъулият камаймайди. Яхшидан яхши қилиш керак. Томошобинга янгидан янги нарса керак. Мен эса балл йўқотишни истамайман. Яратган ижод берсин, куч берсин дейман. Ўтган йил концертимни тақдим этгач, янги шоу ҳақида ғоялар туғила бошлади. Уларни секин-аста бойитиб, ёз ойидан бошлаб, феврал концертларимга киришиб кетдик. Ижодий жамоа олдидаги биринчи савол: нима билан ҳайратга солиш мумкин? Нимадир ўйлаб топдик. Хулоса эса шундай бўлди: йўқ, буни қилганмиз. Яна янгилик топгандек бўлдик. Йўқ, уни ҳам амалга оширганмиз...Хуллас, бошга келган ҳар янги ғоя аслида ўтган концертларимда такрорланган бўлиб чиқаверди. Янги шоу томошабин учун янгилик бўлиши керак! Ва уни топдик ҳам! Эски оммабоп қўшиқларимга янги нафас бердик. Мусиқий янгиланиш! Вокал бўйича кўп шуғулландим. Чунки, бу йилги дастуримда кўп қўшиқларимни жонли куйлайман.

-Кўчада қор. У нимани эслатади сизга?

-Бизни тарк этганларни эслатади... Бир томондан шукрона ҳисси туғилади. Йўқотганларим аслида ҳаётимда бўлгани учун! Ширин хотиралар ва ёруғликдир, қор! Фарзандларимга қорни кўрсатаман. Қувонч, бахтни туямиз.

-Ўтган йил ҳаётингиздаги энг эсда қоларли воқеалар нима бўлди?

-Ҳаммаси фарзандларим билан боғлиқ. Уларнинг илк қадам босганини кузатиш нақадар ёқимли! Бу бахтли лаҳзаларни фақат ота-оналар тушунади. Истанбулдаги муваффақиятли ўтган концертларим ҳам эсда қоларли бўлди. Ўзбек хонандаларининг дунё саҳналарида олқиш ила кутиб олинаётгани қувонарли ҳол.   

-Сўнгги пайтда сизни нима йиғлатди?

-Бундай саволни олдин бергансиз.

-Дунё ҳаётидаги салбий ўзгаришларга қарши бир санъаткор сифатида қандай курашишингиз мумкин?

-Айнан шу борада янги қўшиқ куйлашни режалаштирганмиз. Биз санъаткорлар сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, бу борада қўшиқ орқали қандайдир ҳисса қўшишимизга умид қиламан. Худога шукур, биз шундай мамлакатда яшаяпмизки, фарзандларимиз осуда тун бағрида ухлаб, кулиб турган қуёш меҳри ила уйғонмоқда. Ҳар бир ватандошимиз ўз севимли касби билан шуғулланиб, юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бундай ёрқин ҳаёт бахтдан жўшиб куйлашга замин яратади!

-Имижингиз ўзгармоқда... Айниқса, сочингиз ранглари. Нимага қараб ўзгаргингиз келади?

-Сочларим ранги ўзгарар, бироқ, ташқи кўринишимни, юзимни ўзгартириш истагим йўқ. Имижим ўзгаришини - мухлисларимга зерикарли кўрингим келмаслиги билан изоҳлайман.

-Ҳар доим бир хил - озғингинасиз. Бундай сарвқоматликнинг сири нимада?

-Ширинликлардан тийиламан. Спорт залда вақтим кўпроқ ўтади. Ўзимга эътиборли бўлишимда томошабинлар куч беради. Агар севимли ишим бўлмаганида, вазним 100 кгдан ошим кетарди. (Кулади).

-Саҳнадаги Райҳон тўйлардаги Райҳондан фарқ қилади. Нега тўйларда рақсга тушмайсиз?

-Тўйларда ҳам рақсга тушаман. Бироқ, жой кичиклик қилади. Ҳаракатланишга қулай либосда бўлмаймиз ҳам. Бироқ, тўйдаги оммага имкон қадар энергия беришга ҳаракат қиламан.

-Кўп ҳамкасбларингиз янги одат чиқарган: яккахон концерт берганидан кейин гонорарини оширади. Сиз-чи?

-Узоқ йиллардан бери гонорарим бир хил. Юқорида сиз айтмоқчи бўлган боғлиқликни мен тушунмайман. Чунки, концерт - бу концерт. Уни гонорарни оширишга умуман даҳли йўқ.

-Янги баннерларингиз тилга тушди. Антиқа сурат! Ким ўйлаб топди?

-Асосий ғояни фотосуратчи Светлана берди. Фотожамланмани августда яратдик. Фан-клубим ҳам бу борада сўради. Нима демоқчи бўлдингиз деб. Мона Лиза яратилганида, Да Винчига “Жоконда” орқали нима кўрсатгансиз деб савол беришмаган деб ўйлайман. Шундай экан, баннердаги қиёфамдан ҳар бир мухлис ўзига керакли ниманидир топишини ва ўз дунёқараши билан тушуниб олишини истайман.

-Энг содиқ фан-клуб сизда. Сиз ҳам қайсидир хонандага шунлай садоқатда бўлганмисиз?

-Майкл Жексон мусиқаси, инсоний позицияси ҳамиша ўзига ром этиб келади. Қўшиқларидан эзгулик уфуради.

-Концертингиз бош тематикасини аниқлаб олдингизми?

-Албатта. Халқимиз, миллатимиз ҳақида кўпроқ куйлайман. Аждодларимиз билан фахрланамиз. Ўсиб келаётган янги авлодлар ҳам бугунги инсонлар билан фахрланишини истайман. Миллат айирмайман. Мен учун икки тоифа одамлар бор, холос. Яхши ё ёмон. Умуман, дунёдаги турли миллат эгаларига боқиб, бир хулоса қилиш мумкин: ўзбеклар барибир бошқача! Концертимдаги бош тематика – миллатимизга хосликдир!  

-Малика Дианадан энг катта орзуси ҳақида сўралганида, у “Қалблар маликаси” бўлиш – энг катта нияти эканлигини айтганди. Энг катта орзуингиз?

-Менда иккита орзу бор. Мусиқам инсонларни яхшиликка чорласин. Фарзандларим бахтини кўриш. Йўқ, яна бир орзуим бор. Учинчиси!  Дунё тинч бўлсин! ТВни ёқишга қўрқиб қолганман. Айниқса, Еримизнинг айрим мамлакатларида болажонлар жабр кўрмоқда. Шунда зулмкорлар одам эмас деган фикрга бораман.

(Давоми бор!)

Жасур ҲАМРОЕВ

Bildirilgan fikrlar

    Birinchi bo'lib o'z fikringizni bildiring
Fikr bildirish uchun sayt a'zosi bo'lishingiz kerak

#