0 5748

БОЛЛИВУД, СЕНГА НЕ БЎЛДИ?!

Kino 0 5748

Яш амаки вафотидан кейин «YRF» аста-секин айниб  бормоқда. Компания деярли яхши фильм ярата олмаяпти. Марҳум режиссёрнинг тўнғич ўғли  Адитья Чопра на продюсерликни, на режиссёрликни уддаламоқда... Рани Мукхержига уйлангач, севимли актрисанинг карьерасига ҳам тўсиқ қўйгандек... Бугун Ранини Болливудда учратиш денгиз тубидан олмос топгандек бўлиб қолди.

Адитьянинг янги фильми “Befikre”  Парижда суратга олинди.  Ранвир Сингих ва Вани Капур жуфтлиги, бўсалар, Эйфел... Хуллас, Болливудга хос ҳиндча урф-одатлар, синдур, шарм-ҳаё бир четга улоқтирилган!

Фильм трейлери Парижнинг “юраги” – Эйфел минорасида  уюштирилган махсус кечада намойиш этилди.  Бунақаси телеминора тарихида илк маротаба бўлса керак!?

Вани Капур ким? “YRF” тез-тез янги қиёфаларни кашф этиш анъаналарига содиқ қолган ҳолда бу йил ҳинд киноси ихлосмандлари учун Вани Капурни таништиришни лозим топди.( Айни пайтгача, бу анъананинг энг омадли, ярқ этиб кўзга ташланган юлдузи – Анушка Шарма саналади.)   

Вани – рақс ҳаракатларини профессионал ўзлаштирган актриса.  Буни фильм видео-саундтрекларида пайқаш мумкин. Бироқ, унинг имижини бир кўришда қабул қилиш жуда мушкул. Бўйи узун, гавдали қизга калта-култа матоҳларнинг кийдирилгани,  ярми қизил калта сочлар, катта бурун янада каттароқ кўрсатилиб, пардозлангани, боз устига линзалар... Ранвир Сингхга жуда номуносиб жуфт... Бундай расво имиждаги қизга ошиқ бўлиш... томошабинга кулгу бўлишгани қолади, холос!

Ранвир Сингхни Анушка Шарма, Дипика Падуконе каби гўзаллар билан қойилмақом жуфтлик тарзида роллар ижро этганига гувоҳ бўлганмиз.  Вани Капур билан... билмадим...

Қизиқ,  шунча соҳибжамол актрисалар турганда, Адитья нега айнан Ванини танлади? Бу ёш талантнинг қайси қирралари уни ром этди? Ё актрисани танитиши учун Адитьяга яхшигина ҳақ тўландими?

Хуллас, биргина фильм трейлерининг ўзиёқ бўсадан кўнгилни айнитиб юборади. Бўса олиш лавҳалари шу қадар кўпки, режиссёрнинг миясида қандайдир ўзгариш содир бўлганмикан дея ўйланиб қоласан киши. Тўғри, Болливуд дунё кинотеатрларини мустаҳкам забт этиш учун анчадан бери ҳаракат қилиб келади. Бу орзуни аҳлоқий мезонларни бузиб ўтиш йўли билан реалликка айлантириб бўлармикан?

“Befikre” – бўса лавҳаларининг кўплиги бобида унча-мунча ғарб фильмларини ҳам ортда қолдиради. Қизиқ, шунча очиқ-сочиқлик, беҳаёликка пул сарфлаш нега керак? Энг ачинарлиси, Адитьянинг отаси Яш Чопра бирон фильмида бир сония бўлса-да, шарм-ҳа ё “олтин чизиқ”идан ўтмаган. Шунинг учун ҳам “Севишганлар”, “Вир ва Зара” каби картиналар йиллар оша яшаб, қадрланиб келмоқда. Адитья отасининг услубидан андоза олишни ўзига лойиқ иш деб билмаган кўринади...

9-декабр премьера! Ҳиндистонда бу картина муваффақият қозонишидан барбод бўлиши кўпроқ ҳақиқатга яқин. Ҳинд халқи қанчалар романтик бўлмасин, ҳаддан зиёд одобсизликни хушламайди. Бу картинада эса одобнинг таги кўринмайди!

Хуллас, бир гап бўлар!

Жасур ҲАМРОЕВ

     

 

Bildirilgan fikrlar

    Birinchi bo'lib o'z fikringizni bildiring
Fikr bildirish uchun sayt a'zosi bo'lishingiz kerak

#