0 5253

СЕВГИДАН УСТУН ДЎСТЛИК Ё ДЎСТЛИКДАН БАЛАНД СЕВГИ? СИЗГА ҚАЙ БИРИ?!

Kino 0 5253

Каран Жоҳарнинг янги картинаси Тошкентга ҳам етиб келди...
“Эҳ юракка бунчалар мушкул” (“ЭЮБМ”). Илк марта уни Лондонда томоша қилгандим. Ҳинд тилида, инглизча субтитрлар билан... Кулдирди, ўйлантирди, ўйнатди ва... йиғлатди ҳам!

Болливудда севги ва дўстлик мавзуларини Каран каби яна ким ҳам таъсирлироқ ва ишонарли қилиб кўрсата олади?! Ҳа, Жоҳарнинг ўзи!

Каран илк марта Ранбир ва Анушка жуфтлиги билан ҳамкорлик қилди ва уларни қайта кашф этди! Ишонмайсизми? Йўқ, ишонасиз, томошадан кейин албатта, ишонасиз!

Риши Капурнинг ўғлида унинг ўзидан кўра кўпроқ таланти борлигига ишонасиз. Ушбу картинадан сўнг Раж Капурнинг набирасида жуда улкан актёрлик потенциали борлиги яққол кўзга ташланди.  Ранбир Капурни Болливудга илк қадами Санжай Лила Бҳансалининг “Севишганлар”и билан бошланди. Илк ролидан қизларнинг ёқимтойига айланган йигит ҳозирда суперюлдузлардан бирига айланишга улгурди.

Анушка Шармани марҳум афсонавий режиссёр  Яш Чопранинг ўғли Адитья Чопра кашф этгани рост. Болливуднинг ички дунёси ва ҳинд киноси мухлисларига нотаниш бўлган талантли қизнинг ёрқин табассуми унинг илк фильмиданоқ омма хотирасига муҳрланди. Нотаниш чеҳра планетамизнинг ҳар нуқтасида танилган Шоҳруҳ Ҳондек – машҳур қиёфанинг ёнида бирга кўринди. Шарма фақат Хон туфайли танилди десак, хато бўлади. Агар, унинг талантини сезмаганимизда, Анушка шунчаки биринчи картинанинг ўзидаёқ эсдан чиқишга улгурарди. Чунки, Хоннинг машҳурлигидан фойдаланиб, танилмоқчи бўлган актрисалар кам эмас. Бироқ, биронтаси ҳали муваффақият қозонган эмас.

“Тангри яратган жуфтлик” картинаси – Анушкани Шоҳруҳнинг янги жуфтига айлантирди!

Орадан йиллар ўтиб, марҳум Яш Чопра уларни “То тирик эканман” картинасида яна учраштирди. Катрина, Анушка ва Хон. Ажойиб учлик! Картина у қадар шуҳрат қозонмаган бўлса-да, Яш амакининг энг сўнгги, боз устига тугалланмаган фильми сифатида тарихга муҳрланди.

Анушка Болливуддаги Хонларнинг бари билан суратга тушишга эришган энг омадли ва саноқли юлдузлардан бири саналади. Шоҳруҳ Хон билан “Тангри яратган жуфтлик”да, Амир Хон билан “ПК”да ва бўйдоқ Хон - Салмон Хон билан “Султон”да!  Шарманинг Хонлар билан яратган шунча фильми бир томон-у, Ранбир билан жуфт бўлган картинаси бир томон...

“Эҳ юракка бунчалар мушкул”. Қанчалар мушкул?!

Севганмисиз? Ҳеч жавобсиз севгига дучор бўлганмисиз?

Келинг, саволни бошқача қўямиз. Аниқроғи, вазиятни.  Сиз севасиз-у, у сиз кутган севги ила севмайди... Бошқача севади. Дўстлик ила севади. Дўстликни севгидан устун қўйиб севади...

Лондон. Ализеҳ ва Аян муносабатлари дўстлик ила ривожланади. Бироқ, вақт ўтган сайин Аян ажойиб қиз – Ализеҳни севиб қолганини англайди, бироқ, юрагини унинг тўйи куни “ёради”!  Кутилмаган изҳор келинни қай аҳволга солиши мумкин? Буёғи ҳинд киносига ўта хос  анъана – тўй бузилиб, севишганлар топишади деган хаёлга борсангиз, адашасиз.  Ализеҳ бошқани севиши рост, у Аянни фақат дўст сифатида кўради, холос. У Алига турмушга чиқади...

Тақдир Аянни Сабаҳ (Айшвария Рай) исмли шоира билан учраштиради. Сабаҳ – машҳур рассом Тоҳир Хон (Шоҳруҳ Хон)нинг собиқ рафиқаси. Кунлардан бир кун Сабаҳ ошиғи ва собиқ турмуш ўртоғини таништиради... Аян эса севгилиси (бироқ, бошқага турмушга чиққан) ва маъшуқаси билан бир столда, қалтис суҳбатда бўлишига тўғри келади!

Воқеалар ривожи шундай давом этадики, картинанинг бир дақиқасини ҳам шунчаки ўтказиб юборолмайсиз...

Йиллар ўтиб, Аян Ализеҳ билан яна учрашади. У энди бошқача... Ўсма касаллигига енгилаётган, аллақачон бедаво касалликнинг зарбаларини ейишга мажбур бўлаётган, шамол маҳали юзларини эркаловчи узун сочлари билан бир умрга хайрлашган аёл...

Аян ҳануз севишини айтишдан, Ализеҳ эса дўстликни севгидан устун қўйишидан чарчамайди. Бироқ, Аянга жавоб керак: севгига севги!  

... Тез ёрдам машинаси.

Қўшиқ янграйди. Қайси дилларга малҳам, кимларга ширин хотира бўлган қўшиқ... Дардли қўшиқ...

“Чанна мерея мерея

(О менинг моҳим)

Чанна мерея мерея

(О менинг моҳим)

Чанна мерея мерея белия

(О менинг севган моҳим)

О пия...

(О севганим)”

 Тамом. Титр.

Кўзларингизни экрандан узишингиз мушкул кечади...

Жасур ҲАМРОЕВ 

Bildirilgan fikrlar

    Birinchi bo'lib o'z fikringizni bildiring
Fikr bildirish uchun sayt a'zosi bo'lishingiz kerak

#