0 5007

ҲАБИБА АЁЛНИНГ ҲАБИБ ДУНЁСИ

Intervyu 0 5007

Райҳон. Ўзбек шоу-бизнесида шахсий ҳаёти ва ижоди мухлисларни ҳар доим қизиқтириб келаётган саноқли юлдузлардан саналади. Бу фактни кўпчилик инкор этмаслигига ишонаман. Чунки, у тинмайди. Меҳнатсевар аёл. Фақат изланишда. Мухлислари учун ёнади. Балки, шу боисдан ҳам унинг ижодига “бемор”лар анча!

Ҳаёт турфа. Турфа саволлар билан юзландик, Райҳонимизга...

-Романтик кайфиятни нималар улашади сизга?

-Ҳатто кичик нарсалар ҳам романтик кайфият улашиши мумкин. Масалан, севимли инсонингнинг биргина табассуми.

-Оилани қайси омиллар мустаҳкамлайди?

-Муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва тушуниш. Бироқ, тушунмовчиликлар бўлиб туради. Муҳими, севган қалбларнинг ўзаро соф тушуна олишида!

-Эрингизни дўст ё севгилингиз сифатида кўрасиз?

-Дўстим ҳам, севгилим ҳам.

-Эр-хотин ўртасидаги ишонч ва садоқат ҳақида гапиринг...

-Оилавий руҳшунос сифатидами? (Кулади). Ишонч ва садоқатни рашк синаб туради. Бироқ, рашк соғлом бўлмоғи керак. Носоғлом рашк муносабатларга таъқиқ қўяди, эркинликни бўғади. Рашк бўлмаса ҳам ёмон, севгида шубҳа уйғонади.

-Йигитали билан муносабатларингиз?

-Дўстона. Керак пайтда телефонлашамиз. Аммо, бу камдан-кам ҳолда содир бўлади. Жуда зарурат туғилса, албатта фарзандларимиз борасида суҳбат қуришимиз мумкин. Унга улкан омад тилайман. Ҳозир у учун ижоди биринчи ўринда!

-Қайси рассом ишлари илҳомлантиради?

-Ўзбек рассомлари ишларини қадрлайман. Уларнинг асарлари уйимда ҳам осиғлиқ. Бобур Исмоилов, Акмал Нур ижодига ҳурматим бўлакча.

-Бахт реалми ё фақат тасаввур?

-Муҳаббатга ва бахтга ишонаман. Бахтли инсонман. Саломатман, эрта тонг уйғонаман, тинч юртда яшаяпман. Ватаним севимли ишим, касбим билан шуғулланишим учун кенг имкониятлар бермоқда. Икки нафар ажойиб фарзандим, турмуш ўртоғим, дўстларим бор. Ҳаётда ҳар хил ҳолатлар бўлади. Ҳар доим "Худога шукур" дейман. Яратганниннг муҳаббатини сезаман ва шунга муносиб бўлишга интиламан.

-Ҳимолай ёқдими?

-Денгиз сатҳидан 2000 метр баландда бўлдик. Монахларни учратдик. Ўзига хос ҳаёт. Бошқа бир дунёни кўрдик. Табиати эса ҳақиқатан гўзал.

-Эрта бир кун сизни қандай санъаткор сифатида эслашларини истайсиз?

-Ўзимдан из қолишини истайман. Авлодлар қўшиқларнимни тинглашини, кимлардир қайта-қайта куйлашини истайман.

-Қайси маҳалда дўстларга эҳтиёж сезасиз?

-Ҳар доим. Яқин дўстларим Якзон, Согдиана, синглим ва эндиликда турмуш ўртоғим ҳам. Маслаҳатларига қулоқ тутаман.

-Одамлар орасида меҳр-муҳаббат сўниб бораётгандек... Сизга шундай туюлмаяптими?

-“Намасте, Муҳаббат” – ички ҳолатимга жуда яқин ва шу сўнаётган ҳислар даврида керакли жавоб деб умид қиламан. Ҳаётда кўп яхшиликларни кўра бошладим. Шу боис, негатив каминадан узоқлашганига анча бўлди.

-Париж ё Лондон?

-Иккаласи ҳам. Танлаш қийин. Лондонда бўлганман, Парижда эса ҳали йўқ. Бироқ, танлаш мураккаб!

-Сирларингизни ким билан бўлишасиз?

-Юқорида айтиб ўтган дўстларим билан.

-Иккинчи турмуш ўртоғингизнинг 3 фарзанди сизни қандай қабул қилди?

-Энди бизнинг 5 та фарзандимиз бор. Оиламиз катта! Эгизакларим ва Фарҳоднинг 3 фарзанди аллақачон дўстлашишга улгуришди!

-Ҳозирги никоҳингиздаги энг омадли нарса нима?

-Муҳаббат! Ҳаётий тажрибамиз етмади шекилли, биринчи турмушим узоққа бормади. Бироқ, биринчи никоҳимдан икки беқиёс туҳфа ҳаётимга нур олиб кирди. Ва у бахтимни бутун қилди. “Бахтли бўламан, қачондир” дея куйлагандим. Аллоҳга шукур, ўша “қачондир” келди! Севгилим ёнимда, фарзандларим бағримда, овозим мухлисларим қалбида. Яна нима керак?!

-Феврал концертларингизни камина қатори минглаб мухлисларингиз интиқ кутаётгани аниқ...

-Яккахон концерт беришни бошлабманки, ҳар йили мухлисларим билан дийдорлашиш менинг ҳам анъанамга айланган! Катта меҳнат, изланиш ва ҳаяжон билан! Бу йилги янги дастурим ҳам унутилмас завқ улашишига умид қиламан.

-Ишонамиз, кутилганидан аъло бўлади. Чунки, шоуларингиз йилларки синовдан ўтган. Яна учрашгунча, шоу-бизнеснинг ифорли гули - Райҳон.

Жасур ҲАМРОЕВ

 

Bildirilgan fikrlar

    Birinchi bo'lib o'z fikringizni bildiring
Fikr bildirish uchun sayt a'zosi bo'lishingiz kerak

#