0 2202

БИЗ БИЛГАН ВА БИЛМАГАН МИЛАНО... САРДОР МИЛАНО!

Intervyu 0 2202

Сардор Милано… Бир пайтлар кичик-кичик саҳналарда микрофон ушлаганига хурсанд бўлиб юрган болакайда улкан талант яширинганини кўпчилик пайқамади. Ўсмирлик онларида  ҳам омма унинг овозини илғамади. Юлдузларга ҳавас қилиб юрган ўспирин орзулари бир куни рўёбга ошишига, кези келиб, унинг овози Шарқу Ғарбга етишига умид қилди. Россия телеканаллари томоша қилинадиган мамлакатлар борки, “Главная сцена” телешоуси турли миллат санъатсеварларини телевизор қаршисига михлаб қўйди! Айниқса, ўзбек мусиқа ихлосмандлари ушбу телелойиҳани севиб томоша қилди. Ахир, унда томирида ўзбек қони жўш урган истеъдод иштирок этмоқда эди! Ўнлаб талантлар орасидан энг муносибларини саралаган “Главная сцена”да тошкентлик талант қанчалар ҳаяжонланган бўлса, ўзбек томошабинларининг ҳаяжони ундан кам бўлмади. Ҳатто, дуога қўл очиб, ўзбек хонандасининг ғолиб бўлишини чин дилдан ният қилганлар ҳам бўлди. Орзу ҳақиқат ила реалликка айланди. “Бош саҳна”да рақибларини ортда қолдирган талант - ўзбек бўлди! Ҳа, тошкентлик истеъдод! Энди унинг номи тилларга тушди. Сардор Милано! Бирон муаллифлик қўшиғи орқали уни танимаслигимиз мумкин. Бироқ, истеъдоди ва ёрқин овози қалбларимизга ўрнашгани рост. Шу кунларда Милано Тошкентда ижодини давом эттирмоқда. Хўш, режалар қандай?

(Эксклюзив интервью ўзбек селебритилари  ёқтирган “Studio kafe”да кечди. Хонанда иш юритувчиси Pet билан келишилган вақтдан кечикмай ташриф буюрди.)

-Ўзбекистонда ҳам меҳмонсиз, ҳам мезбон. Барибир, “Хуш келибсиз!” деймиз! Туғилган  гўшангизда қандай режаларни бошладингиз?   

-Юртимга шунчаки келмадим. Яккахон концертим мўлжалланган. Ижодимдаги биринчи концертим. Ўйлайманки, бу катта воқеа бўлади.

-“Главная сцена”да хориж тилларида маромга етказиб куйлашингизни исбот этдингиз, амин бўлдик. Қачон ўзбек тилида куйлайсиз?

-Она тилимда куйлашни анча олдин мақсад қилганман. Шу кунларда эса бу мақсадим амалга ошади. Ҳаракатдамиз. Барча радиоканал ва телеканаллар орқали баҳраманд бўлишади.

-Бу борада қайси бастакор ишини энг муносиб санайсиз?

-Кўп бастакорлар ижод маҳсулларини юбормоқда. Биз танлаяпмиз. Маъқул топганимиз билан ҳамкорлик қиламиз.

-Сизнингча, концертингиз ўзбек оммаси учун қанчалар қизиқарли?

-Кўпчилик кутяпти. Бу одатдагидек концерт эмас. Менинг йўналишим нео-классика бўлиб, у Россияда у қадар машҳур эмас, юртимизда билишмаса ҳам керак. Бироқ, менинг йўналишим шоу-бизнесда ҳақиқий янгилик бўлишига ишонаман. Оммани бефарқ қолдирмайди.

-Қайси хонанданинг яккахон концертидан ҳайратлангансиз?

-Полина Гагаринанинг яккахон дастури эътиборимни тортган. У Тошкентда ҳам яккахон концерт берганди. Томоша қилганмисиз?

-Ҳа. Бир сўз билан айтганда, “супер” бўлганди!

-Каминанинг яккахон шоуси ҳам бундан кам бўлмайди! (Кулади). Айни пайтда мен билан дуэт куйлаш борасида ҳам кўплаб таклифлар тушмоқда. Концертимда дуэтлар ҳам ижро этамиз. Бироқ, тўйдан олдин ноғора чалиш ниятим йўқ.

-Чамаси, бир ой давомида АҚШда бўлдингиз. Ёқдими?

-“Океан орти”га  шунчаки саёҳат учун бормадим. АҚШдаги машҳур NBC телеканали учун интервью беришга таклиф этишди. Энг қизиғи, МДҲ давлатларидаги хонандалардан ушбу каналга илк маротаба интервью берган қўшиқчи мен бўлдим. Бу камина учун катта фахрдир!

-Ўзингиз томонга ёғилаётган танқидларни  қандай енгасиз?

-Танқидсиз ўсиш бўлмайди. Шу боисдан мен уни борича қабул қиламан. Бироқ, ҳалигача мени ранжитадиган ёки қайғуришга мажбур этадиган танқидлар бўлмади.

-Ҳозир Ўзбекистонда пул топиш манбаингиз тўйларми?  Чунки, ўзбек шоу-бизнеси юлдузларининг асосий тирикчилиги эл хизматларидан!

-“Ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришим керакми? (Кулади). Албатта, “Ҳа”!  Юртдошларимиз ният қилишган бўлса, таклифни рад этмаймиз-ку?! Мен билган кўп санъаткорлар тўйлардаги мусиқий чиқишлари эвазига яхшигина гонорар олишади.

-Сиз нечта тўйда бўлишга улгурдингиз?

-3 ё 4 та.

-Қандай қабул қилишди?

-Жуда ажойиб. Тўйлар Сардор Милано ижодий кечасига айланиб кетди! Шу қадар катта илтифотдан бошим кўкка етди.

-Репертуарингизда ўз муаллифлигингиздаги нечта қўшиғингиз бор?

-Айни пайтда илк альбом устида ишламоқдамиз. 7 та қўшиғим бор. Бироқ, бу қўшиқлар жаҳон дурдона мусиқий асарларидир.  Уларни “Главная сцена”да куйлаганман. Репетуаримни ўзимга тегишли қўшиқлар билан энди бойитамиз. Концертгача, бир нечта янги қўшиқлар ёзишга улгурамиз.

-Улар орасидан  қай бирини ўзбек мухлисларингиз севишади?

-“Гладиатор” фильми саундтрекининг камина ижросидаги талқинини Тошкентда  жуда катта олқишлар билан  қарши олишмоқда.

- Деярли барча ўзбек хонандалари ва омма мазасини тотиб кўрган шўх тарона бор. “Хоразм лазгиси”! Куйлай оласизми?

-Элга ёқадиган қўшиқни албатта, куйлаш керак. Демак, куйлайман!

-Орзуларингизда тахаллусингиз билан боғлиқ Милан шаҳрига бориш иштиёқи ҳам борми? Милан нима сиз учун?

-Миланда бўлганман. Тарихга назар ташласак, мусиқа илдизи Италияга бориб тақалади. Миланда “Ла Скала” театри бор. Яқин келажакдаги режаларимдан бири айнан шу муҳташам саройда концерт бериш. 7 йилдирки, тахаллусим – Милано менга йўлдош.  Кўпчилик савол беришади. “Нега “Ташкенто” ё “Самаркандо” эмас” деб. Бироқ, мен шунчаки қалб ҳолатимга қараб, тахаллус танлаганман.

-Миланнинг нимаси сизни ўзига ром этади?

-Архитектураси. Осуда шаҳар. Тошкент ва Миланнинг  ўхшашлиги ҳам шунда, сокинлигида! Тошкент – фалсафа ва тафаккур шаҳри. Донолик бор жойда эса сукунат бўлади. Москвадаги жўшқин ҳаётдан чарчаб, қалбим ҳаловатни истар экан, уни топиш учун тезда Тошкентга учаман!

-Дастхат беришга, суратга тушишга улгурдингизми?

-Шу кунларда икки юздан ортиқ мухлисларим билан суратга тушдим, дастхат улашдим. Юлдузларнинг кўпи бу ҳолдан чарчагандир... Бироқ, ҳозирча бу менга ёқяпти.(Кулади).

-Ўзбек ҳамкасбларингиздан кимнинг ижодига бефарқ эмассиз?

-Гулсанам Мамазоитованинг овозига тан бераман. Унинг овози жуда кучли. Муниса Ризаевани анчадан бери танийман. Сардор Раҳимхон ҳам ижодимга илиқ муносабатда. Райҳон билан яқиндагина танишдик. Ўзбек шоу-бизнесидаги ўзаро позитив муносабатлардан мамнунман.   

-Рақобатда синиб кетмаслик учун нима қилиш(им) керак деб ўйласиз?

-Менинг рақобатчиларим йўқ деб ўйлайман. Ҳеч ким билан рақиб бўлиш ниятим ҳам йўқ. Назаримда, ҳар қандай ҳолатда: рақобат майдонида ё ундан ташқарида ҳам инсонийлик қиёфаси ва унинг сифатларини сақлаб қолиш керак. “Интрига”га учмаслик лозим. Сермаҳсул ижод қилишим ва узоқ йиллар дунё мусиқаси учун хизмат қилишим даркор деб ўйлайман.

-Шоу-бизнесдаги 3 та муҳим нарса нима деб ўйлайсиз?

-Ирода кучи, кучли овоз ва самимийлик!

-Мунтазам кузатиб борадиган артистингиз борми?

-Севара Назархон. Москвадаги турли тадбирларда у билан жуда тез-тез кўришиб турамиз. 15 йилдан бери уни танийман.

-Қайси қўшиғини ёқтирасиз?

-“Улуғимсан, Ватаним!”.

-Шундай яшайдиган қўшиқ яратиш ниятингиз борми?

-Албатта. Бу менинг Ватанимизга бўлган улкан муҳаббатимни ифода этади.

-Бобонгиз ҳам таниқли шахс. У ҳақида гапирсангиз....

-Бобом Элёр Эшмуҳаммедов. Ўзбек киносининг дарғаларидан бири. Уни юртимизда ва Россияда яхши танишади ҳамда ижодини қадрлашади.

-У берадиган  энг кўп  маслаҳат?

-Кўп китоб ўқишни маслаҳат беради. Инсон ички оламини фақатгина китоб ўқиш ила бойитиш мумкинлигини кўп бора таъкидлайди.

-Амал қиласизми маслаҳатга?

-Сўнгги пайтларда китоб мутолааси учун вақтим жуда тиғиз. Бироқ, мен замонавий адабиётнинг шайдосиман. Чехов, Толстой ва шу кабилар ижоди мени у қадар қизиқтирмайди.

-Севимли китобингиз?

-“Ешь, Молись, Люби”.

-Имижингиз билан ким шуғулланади?

-Россиялик имежмейкерлар шуғулланади. Имижимни ҳар доим ҳам ўзим ҳал қилмайман. Продюсерим йўриғи билан бўлади.

-Қайси саволга жавоб бериш жонингизга тегди?

-Тахаллусим ҳақидаги саволларга.

-Кўп орзу қиласизми?

-Оооо... жуда кўп. Константин Меладзе қўшиқ ёзиб беришини орзу қилардим. Мана, бу орзуимга етдим. Биргина орзу қилишнинг ўзи унинг амалга ошиши учун етарли эмас. Кўп меҳнат қилиш керак.

-Қандай ҳолатда орзу қиласиз. Уйқудан олдин ё илтижо қилиб, ё яна...

-Мен Худога ишонаман. Унга қалбан кўп юзланаман. Бу менга ёрдам беради. Бўш вақтим бўлди дегунча, Яратганга илтижо қиламан!

-Энг катта орзуингиз?

-Орзуларим янгиланиб туради. Ҳозир эса энг катта орзуим  яккахон концертимнинг аншлаг тарзда ўтишидир!

-Амалга ошишига тилакдошман.

-Раҳмат. Ва сизни ҳам ушбу концертда томошабинлар қаторида кўришни умид қилиб қоламан.

Суҳбат тугади. Бироқ, саволлар эмас. Мавриди келса, яна самимий савол-жавоб ўтказамиз. Интервью чоғида, Милано ҳақида туғилган фикр: у позитив суҳбатдош! Шундай позитив характердаги ижодкорлар, инсонлар кўпайсин. Шунда вақт зерикарли кечмайди!

Жасур ҲАМРОЕВ 

Bildirilgan fikrlar

    Birinchi bo'lib o'z fikringizni bildiring
Fikr bildirish uchun sayt a'zosi bo'lishingiz kerak

#