Қўшиқ – қалб тарбиячиси. Тафаккур…

623

Қўшиқ – қалб тарбиячиси. Тафаккур учун энг маъданли озуқа. Қўшиқ куйлагувчининг қалби ва маънавий ҳолати қанчалар соғлом, ҳур ва бой эканлиги ижод маҳсулларида зоҳир бўлади. Шунданми, қўшиқнинг ҳам икки дунёси бор. Унинг зоҳири ёқимли куй ва ижро бўлса, ботини бутун мағзидир. Ҳар бир миллат мусиқасида ўз ифтихорига эга дарғалар етишиб чиққан. Таъбир жоиз бўлса, улар бир чинорки, соясидаги ҳаловат шогирдларга ҳам, элга ҳам татийди. Бир ўзбек ҳофизики, унинг илдизлари улуғ аждодларнинг дунё тамаддунида ўрин топган асарларидан сув ичади, қадди эса ҳаётнинг довул ва изғиринларига бардош беражак асл ижод пояси билан мустаҳкамланган. Миллий мусиқанинг ранглари ила барг чиқариб, кенг қулоч ёйган шохларининг савлати эса шарқу ғарбдан кўринади! У илк қўшиғини ижро этганида 19 ёшда эди. 1966 йиллар. Зилзиладан кейин қурувчилар ғайратига ғайрат қўшиб, “Ҳормангиз” дея куйлаганди... Шундан бери ижод уммонида! Катта уммон тубида 600га яқин қўшиқлар ила маржон қоялар яратишга муваффақ бўлди. Қўшиқларининг гўзаллиги уларнинг сонидан беҳисоб даражада ортиқлигини англаган тингловчи-мухлислар бу ижод уммонига шўнғиб, йилларки баҳраманд бўлиб келмоқда! Бу ҳайратланишнинг ҳар бир мухлисда ўз таърифи бор! “Биринчи муҳаббатим”ни ёд олмаган ким бор? “Гулбадан”ни тингламаган ким? “Ўзбегим”га жўр бўлмаган ким қолди? “Аё, соқий”, “Қарашларга”, “Атиргулим”, “Карвон кўрдим”, “Сарбон”, “Даврон бизники”... Ҳа, бу каби юзлаб қўшиқлар ўша уммон тубидаги маржон қояларга тизилган дурлардир! Фазо – чексизлик. Юлдузлар макони. Шу маконда Ерлик бир юлдузнинг куйи жаранг сочишини энди бир тасаввур этинг! Энди бир реал воқеани эслатсак... Марказий Осиёдан фазога учган илк фазогир Солижон Шарипов коинотда кечажак 6 ойлик сафаридан олдин ўзи севган қўшиқларни ҳам олиб кетишни маъқул топди. Бу қўшиқлар эса фақат бир ҳофизга тегишли! “Океан орти”даги NASA маркази бу тўпламни олиб кетишга рухсат берди. Солижон фазода илк телефон қўнғироғини амалга оширди. Ўзбекистонлик дўстига қўнғироқ қилиб, ифтихор ила севимли бир қўшиғини тинглаётганини айтди. Коинотда фазо кемасининг ичида янграётган ўзбек тилидаги бу қўшиқ Ер Планетасидаги инсоннинг қалбини тўлқинлантирди. “Олтин қанот” жаранги эди бу! Ҳам зоҳиран ҳам ботинан бутун қўшиқлар шарқу ғарбга, Еру Кўкка ета олишига бир кичик ё катта дадилдир бу! Планетамизнинг турли бурчакларида севиб тингланадиган, ерликлар орасида қадр топган қўшиқлар ижодкори, фазодаги инсонларга ҳам илҳом улашган, коинотда қўшиқлари жаранг сочган ягона ўзбек хонандаси, замондошимиз, ўзбек мусиқасининг азим чинори – Шерали Жўраев узоқ йиллар ижод бисотининг нури ила ёғду сочаверсин! 70 ёш муборак, санъатимизнинг Шери!

#