“Ўзбекистон фани: ислоҳотларнинг янги даври”…

264

“Ўзбекистон фани: ислоҳотларнинг янги даври” Халқаро Пресс клубнинг 9 ноябрдаги кўрсатувида “Ўзбекистон фани: ислоҳотларнинг янги даври” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Навбатдаги кўрсатувда Фанлар академияси вице-президенти Абдурахманов Иброхим, фан ва технологиялар агентлиги бош директори Маҳмуджон Болтабоев ҳамда интелектуал мулк агентлиги бош директори Алишер Файзуллаев спикерлар сифатида, шунингдек вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этишга фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган. Сир эмаски, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-техник салоҳияти, кадрлар билан таъминланганлиги, моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасининг ҳозирги ҳолати мамлакатимизнинг юқори суръатлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасига жавоб бермайди. Ватанимиз илм-фани рақобатбардошлигини ошириш ва уни дунёнинг энг ривожланган давлатлари илм-фани даражасига мослигини таъминлаш масалалари кескинлигини сақлаб қолмоқда. Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш тизимида ҳал қилиниши лозим бўлган айрим муаммолар ўз ечимини кутмоқда. Ушбу соҳада тўпланиб қолинган муаммоларни ҳал қилиш, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, моддий-техника ва лаборатория-тажриба базасини мустаҳкамлаш, инновацион фаолиятни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида 2017 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Фанлар академияси таркибидаги 9 та илмий-тадқиқот институти қайта тикланди, қатор илмий муассасалар қайта тузилди, Фанлар академиясининг фан йўналишлари бўйича 3 та бўлими ва Навоий бўлими ташкил этилди. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши, Фан ва технологиялар бўйича давлат комиссияси, Фан ва технологиялар агентлиги, Илмий-техник фаолиятни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармаси фаолияти ташкил этилди. Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида, мамлакат илмий салоҳиятини рақобатбардошлигини ошириш, илмий инфратузилманинг моддий-техника, лаборатория ва тажриба базасини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча «Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қабул қилинган яна бир қарори республикада илмий-техник фаолиятни ривожлантиришда кенг кўламдаги амалга оширилаётган тизимли ўзгаришларни пойдевори янада мустаҳкамланаётганлигини кўрсатади.

#