15 ноябрь куни “Валюта либераллашуви:…

446

15 ноябрь куни “Валюта либераллашуви: Дастлабки натижалар ва истиқболдаги режалар” мавзусида Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Анжуманда Ўзбекистон Републикаси Марказий Банки, Банк Академияси ва Давлат статистика қўмитаси вакиллари иштирок этди. Сессияда спикерлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов, Марказий банки раисининг ўринбосари Шуҳрат Атабаев, Марказий банки раисининг ўринбосари Ботир Захидов журналистлар саволларига батафсил жавоб бердилар. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда иқтисодиётда самарали ўзгаришларга эришиш ва унинг барқарор ҳамда инклюзив ўсишининг ишончли заминини шакллантиришга йўналтирилган туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараён республикамизнинг инвестицион жозибадорлигини тубдан яхшилаш ҳамда валюта сиёсатини либераллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар билан бевосита боғлиқдир. Маълумки, мамлакатимиз Президентининг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида сентябрь ойидан бошлаб валюта курсини шакллантиришнинг бозор механизмини жорий этиш орқали ички валюта бозорини либераллаштиришга киришилди. Иқтисодиётдаги мавжуд шароитлар ҳамда либераллаштириш жараёнидаги устувор вазифалардан келиб чиқиб, тайёрлов босқичида қуйидаги жиҳатларга алоҳида диққат берилди: Биринчидан, инфляцион босимни пасайтириш ва валюта бозорида спекулятив талабнинг ўсиш эҳтимолини бартараф этиш чоралари кўрилди. Мазкур мақсадга қатъий пул-кредит сиёсатини юритиш, яъни қайта молиялаш ставкасини 9% дан 14% гача ошириш орқали эришилди. Иккинчидан, банк тизими барқарорлигини мустаҳкамлаш мақсадида қуйидаги чоралар амалга оширилди: - банкларнинг устав капиталлари давлат қуйилмалари ҳисобига (670 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий валютада) кўпайтирилди. Натижада банк тизимининг ялпи капитали 40% дан ортиқ ўсди; - Марказий банкнинг тижорат банкларини ликвидлик билан таъминлаш механизмлари фаоллаштирилди; - курс сиёсатининг янги шароитларига бардошлигини аниқлаш мақсадида банклар стресс-тестдан ўтказилди, банкларни пруденциал назорат қилиш чоралари кучайтирилди; - йил якунига 20 фоиз даражасигача етказиш шарти билан бир лаҳзали ликвидлик коэффициенти бўйича минимал талаблар жорий этилди. Учинчидан, йирик ва стратегик корхоналарнинг молиявий ҳолати ва хорижий валютадаги мавжуд қарздорликлари ҳисобга олиниб, иқтисодиётнинг базавий тармоқларига ажратилган кредитлар реструктуризация қилинди ҳамда алоҳида корхоналарга, уларнинг молиявий ҳолатига миллий валюта девальвациясининг салбий таъсирини бартараф этиш учун солиқ имтиёзлари берилди. Тўртинчидан, ҳукуматнинг манзилли чораларидан келиб чиқиб, кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Бешинчидан, ички бозорни ижтимоий зарур товарлар билан тўлдириш, товарлар импортида божхона ва бошқа тўловлар ҳисобига нархларнинг кескин ўсиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида импорт ставкалари қайта кўриб чиқилди. Шунингдек, миллий валютага нисбатан ишончни мустаҳкамлаш учун ички бозорда барча ҳисоб-китоб ва тўловлар фақат сўмда амалга оширилиши бўйича меъёрлар ўрнатилди. Ушбу барча тайёргарлик чоралари банк тизимида ҳамда бутун иқтисодиётда жиддий ларзасиз эркин курси шакллантириш тизимига “осон” ўтиш имконини берди. Бугунги кунда сўмнинг айирбошлаш курси валюта биржасининг кунлик банклараро савдоларида шаклланмоқда. Марказий банкнинг банклараро савдолардаги иштироки минималлаштирилди. Марказий банк хорижий валюта олди-сотдиси бўйича операцияларни, валюта курси трендига таъсир кўрсатмаган ҳолда, фақат курснинг ҳаддан ташқари ўзгарувчанлигини бартараф этиш мақсадида амалга оширмоқда. Хусусан, валюта биржасида амалга оширилган операцияларнинг ўртача ойлик ҳажми сентябрь-октябрь ойларида биринчи ярим йилликнинг тегишли кўрсаткичига нисбатан 1,7 карра ошган. Бунда, экспортчилар томонидан валютани сотиш ҳажми жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ўртача ойлик операцияларга нисбатан 2 баробардан ортиқ ошган. Сўнгги икки ойда банклар томонидан аҳолининг 565 млн. АҚШ доллар миқдоридаги маблағлари сотиб олинди ва бу валюта биржасига валюта таклиф этишнинг қўшимча манбаи бўлиб хизмат қилди.

#