“Иқтисодиётни либераллаштириш: иқтисодий ўсиш ва…

188

“Иқтисодиётни либераллаштириш: иқтисодий ўсиш ва инфляция жараёни” 2017 йил 29 ноябрь куни соат 11-00да Халқаро Пресс-клубнинг “Иқтисодиётни либераллаштириш: иқтисодий ўсиш ва инфляция жараёни” мавзусида навбатдаги анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Давлат статистика қўмитаси Раиснинг биринчи ўринбосари Боҳодир Мирусманов, Давлат статистика қўмитаси Раисининг иқтисодий статистика бўйича ўринбосари Агзам Икрамов ва Ижтимоий статистика бўйича ўринбосари Махмуджон Зиядуллаев ҳамда Давлат статистика қўмитаси Кадрларни қайта тайёрлаш (КҚТ) ва статистика тадқиқот (СТ) Маркази директори Баходир Гайибназаров журналистлар саволларига жавоб берди. ​ Анжуманда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3165-сон қарорига асосан 2017-2021 йилларга Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилганлиги ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбирда, статистика органларининг шу даврга асосий мақсадлари қуйидагилар ҳисобланиши қайд этилди: макроиқтисодий, тармоқ ва ҳудудий даражаларда ўрганилаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни қамраб олишни кенгайтиришга қаратилган статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашда замонавий усуллар ва услубиётларни кенг жорий этиш йўли билан, статистик кузатувлар тизимини умум қабул қилинган халқаро амалиётга янада мослаштириш; миллий ва хорижий фойдаланувчиларнинг кенг оммаси учун статистик ахборотларнинг максимал даражада очиқ-ойдинлиги ва ошкоралигини таъминлаш, республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари ва материалларини халқаро статистик тўпламларда чоп этишни қўшган ҳолда, халқаро статистик ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш; миллий иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари ҳамда ҳудудларнинг ривожланишини, ислоҳотларни чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, хом ашё ресурларини чуқур қайта ишлаш, республика ҳудудларини комплекс ривожлантириш дастурларининг амалга оширилишини, аҳоли турмуш даражасидаги сифат ўзгаришларини янада тўлиқ акс эттирадиган статистик ахборотларни тезкор ва сифатли тайёрлаш; ишончли давлат статистика ҳисоботларини тақдим этишда хўжалик юритувчи субъектларга ҳар томонлама кўмаклашиш, статистик маълумотларни тақдим этиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш, статистик назоратни амалга оширишнинг замонавий усулларини жорий этиш; статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, етказиш ва тарқатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, статистик маълумотлар билан ишлаш жараёнида автоматлаштириш даражасини чуқурлаштириш, статистик маълумотларнинг ягона банкини шакллантириш; статистик нашрларга кўрсаткичларни визуаллаштиришнинг илғор усулларини жорий этиш ва тарқатилаётган статистик маълумотларни мажбурий тартибда таҳлилий ва маълумотнома материаллар билан қўшиб олиб боришни таъминлаган ҳолда статистика органларининг таҳлилий имкониятларини мустаҳкамлаш, оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш учун докладлар, пресс-релизлар ва мақолаларни чоп этиш; давлат ва идоравий статистик кузатувлар тизимини мақбуллаштириш, танланма статистик кузатувлар натижаларининг ишончлилиги ва сонини босқичма-босқич ошириш орқали, холис, сифатли ва долзарб ҳисобот маълумотларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг мувофиқлаштирувчи ўрнини кучайтириш; мамлакатнинг илмий ва таълим муассасалари ҳамда хорижий статистика ташкилотлари билан ҳамкорликда, статистика соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ишларни тизимли асосда ташкил этиш. Матбуот анжуманида, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 18 та саволномаси доимий равишда тўлдирилиб келинмоқда ҳамда мазкур ишлар қаторида Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК), Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро ташкилотлар билан статистика соҳасида янада яқин ҳамкорлик амалга оширилаётганлиги эътироф этилди. Шунингдек қайд этилдики, 2017 йил 1 ноябрдан бошлаб, Давлат статистика қўмитасининг Интернет тармоғидаги янгиланган веб-сайти ишга туширилганлиги ва унда кўплаб статистик маълумотлар, таҳлилий маълумотлар, пресс-релизлар ва бошқа фойдаланувчилар учун зарур бўлган ахборотлар жойлаштирилди. Бундан ташқари, Халқаро валюта фонди билан ҳамкорлик амалга ошириш кўлами ортиб бораётгани, шунингдек Халқаро валюта фондининг кенгайтирилган Маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (ХВФ к-МТУТ)га уланиш жараёни жадаллик билан амалга оширилаётгани ва бунинг учун мамлакат раҳбарлари томонидан зарур ҳуқуқий база яратиб берилганлиги, масъул давлат идоралари белгиланганлиги ҳамда Давлат статистика қўмитаси миллий координатор этиб тайинланганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, тегишли маълумотларни эълон қилинишини йўлга қўйиш мақсадида, Ҳукумат томонидан алоҳида Назорат режаси, Идоралараро ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди ҳамда Давлат статистика қўмитасининг Комплекс чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Шунингдек, Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайтида “ХВФ к-МТУТ” саҳифаси очилди ва унда Йиғма маълумотлар миллий саҳифаси, Йиғма маълумотлар жадваллари, Метамаълумотлар ва Маълумотларни эълон қилиш тақвимлари ХВФ мутахассислари билан ҳамкорликда жойлаштириб борилмоқда.

#