Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ўзининг янги…

706

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ўзининг янги нашри – «TV Park Uz» журналини таъсис этди. Даврий нашр 11 январдан бошлаб, ҳар ҳафта пайшанба кунлари сотувга чиқади. Мазкур форматдаги юқори сифатли, рангли журнал илк маротаба кенг омма учун мўлжалланган. Ўзбекистон медиа бозори шиддат билан ривожланмоқда. Сўнгги йилларда премиум классга мўлжалланган рангли, юқори сифатли нашрлар пайдо бўлди. Ҳафталик газеталар ҳам анча йиллардан бери ўз мухлисларига эга. Бироқ кенг аудитория учун мамлакатда рўй бераётган ўзгаришларни ёритадиган, санъат ва маданият вакилларининг ижоди ва ҳаёти ҳақида сўзлайдиган, шоу-бизнес ва телевидениенинг таниқли ижодкорлари фаолиятини акс эттирадиган, шунингдек қизиқарли ва фойдали маълумотларни тақдим этадиган юқори сифатли нашр ҳали йўқ эди. Журналнинг яна бир ўзига хос жиҳати – унинг саҳифаларида тўлиқ ТВ дастурлар чоп этилишидир. Шунингдек, миллий телевидениенинг энг қизиқарли лойиҳалари, янгиликлар ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритилади, фильмлар, сериаллар ва кўрсатувларнинг анонслари тақдим этилади. Аммо, аввало, нашр одамлар ҳақидадир. У телевидениенинг “саҳна орти” ҳаётини очиб беришга, таниқли ва энди иш бошлаётган иқтидорли ижодкорларнинг иш маҳсулларини намойиш этишга, уларнинг ҳис-туйғуларини, муваффақиятлари сирларини ошкор этишга, тажрибалари билан ўртоқлашишга хизмат қилади. Журналнинг биринчи сонида O’zbekiston 24 каналининг телебошловчиси, диктор ва дубляж устаси Дилдора Рустамова билан дилкаш суҳбат муштарийлар эътиборига ҳавола этилди. Ўзбекистон китоб бозоридаги бестселлерлар рўйхати, оригинал номинациялар бўйича телевизион кўрсатувлар “хит-парад”и тузилди. Энрике Иглесиаснинг Ўзбекистондаги концертидан, “Эҳтиром-2017” танлови мукофотлаш маросимидан эксклюзив фоторепортажлар ҳам нашр саҳифаларида ўрин олган. Режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Назира” сериали ҳамда Саида Давлетованинг “Алжабр даҳоси” ҳужжатли фильми премьералари ҳақидаги мақолалар ҳам мухлисларга тортиқ этилган. Журнал устида дунё журнал индустриясининг замонавий технологиялари ва миллий маконимиздаги энг илғор тажрибаларни ўзида мужассамлаштирган иқтидорли журналистлар, фотосуратчилар, дизайнерлар жамоаси иш олиб бормоқда. Жамоанинг мақсади – кенг доираларга тушунарли ва қизиқарли бўлган материалларни ёрқин, оригинал кўринишда тақдим қилиш, уларни маркетингнинг замонавий технологиялари билан уйғунлаштиришдир.Журнал таҳририяти турли компаниялар билан ҳамкорликда лойиҳалар қилиш, кросс-маркетинг акцияларини ўтказиш, шунингдек муаллифлар, фотосуратчилар, дизайнерлар, маркетологлар ва бошқа ижодкорлар билан ишлашга шай.

#